bible
ra
🌐 Language
English
Español
Français
Deutsch
Português
Italiano
Nederlands
Русский
中文
日本語
한국어
العربية
Türkçe
Tiếng Việt
ไทย
Indonesia
All Languages
Home
/
Uzbek
/
Uzbek 2016 (UZB) (Муқаддас Китоб)
/
Obadiah 1
Obadiah 1
Uzbek 2016 (UZB) (Муқаддас Китоб)
Jump to:
Chapter 1
1
Қуйидагилар Ободиёнинг башоратидир. Эгамиз элчи юбориб барча халқларга, Қуйидаги хабарини етказди бизга: “Тайёрланинглар! Қани, келинглар, Эдомга қарши урушга борайлик!” Эдом халқи ҳақида Эгамиз Раббий қуйидагиларни айтмоқда:
2
“Эй, Эдом халқи, халқларнинг орасида Мен энг арзимас қилиб қўяман сизни, Ҳамма сизлардан нафратланади.
3
Такаббурлигингиз сизларни алдади. Қоядаги қўрғондир пойтахтингиз, Баланд тепаликдадир уйларингиз, Шунинг учун айтасиз ўзингизча: ‘Ким бизларни тушира олар ерга?!’
4
Бургутдай баланд парвоз қилсангиз ҳам, Инингиз юлдузлар орасида бўлса ҳам, Сизларни тортиб тушираман пастга, — деб айтмоқда Эгамиз. —
5
Ўғрилару босқинчилар тунда келса, Фақат ўзи хоҳлаган буюмларни олади–ку! Узум ҳосилингизни йиғувчилар ҳам Озгина бўлса–да, узум қолдиради–ку! Душманларингиз эса сизни тамоман йўқ қилади!
6
Эй Эсовнинг авлоди — Эдом, Ҳамма нарсангизни талон–тарож қилишар, Қадрли буюмларингизни топиб, тортиб олишар.
7
Барча иттифоқчиларингиз сизга қарши чиқиб, Сизни ўз юртингиздан ҳайдаб юборар. Тинчлик ваъда қилиб алдайди улар, Аммо сизларни мағлуб қиларлар. Сизларга тузоқ қўяр нонингизни еганлар. Сизлар эса буни билмай қоласизлар.”
8
Эгамиз шундай айтмоқда: “Эй Эдом халқи, ҳукм қилинадиган кунда, Мен донишмандларингни ҳалок қилурман, Эсов тоғидаги ақл–идроклиларин йўқ қилурман.
9
Эй Темон шаҳри, жангчиларинг даҳшатга тушар, Эсов тоғидаги ҳар бир инсон йўқ қилинар.
10
Қондошингиз Ёқуб авлодига зулм қилиб, Уларни ўлдирдингиз. Шу боис то абад шарманда бўлиб, Бутунлай ҳалок бўласиз.
11
Уларнинг бойликларин бегоналар олиб кетган кун Сизлар бир четда қараб турдингиз. Ёт халқлар Қуддус шаҳрига кириб, Шаҳар учун қуръа ташлаганларида, Сизлар ҳам улар каби ёвуз ишлар қилдингиз.
12
Қондошларингизга келган бахтсизликни кўриб, Хушнуд бўлмаслигингиз керак эди. Яҳудо халқи хароб бўлган кун Севинмаслигингиз керак эди. Бошларига тушган кулфатни кўриб, Мазах қилмаслигингиз керак эди.
13
Менинг халқимга фалокат келган куни Шаҳар дарвозаларидан кирмаслигингиз керак эди. Яҳудо халқининг бошига фалокат тушган куни, Хушнуд бўлганларга қўшилмаслигингиз керак эди. Уларнинг бошига фалокат тушган куни, Буюмларини ўлжага олмаслигингиз керак эди.
14
Қочиб кетаётганларни кутиб чорраҳаларда, Пистирмалар қўймаслигингиз керак эди. Ўша кулфат куни тирик қолганларни Душман қўлига бермаслигингиз керак эди.
15
Мен, Эгангиз, барча халқларни ҳукм қиладиган кун яқинлашиб қолди. Эй, Эдом халқи! Нима қилган бўлсангиз бошқаларга Ўзингиз ҳам тушарсиз ўша кўйга, Қилмишларингиз қайтар ўз бошингизга.
16
Эй, Яҳудо халқи, муқаддас тоғимда Ғазаб шаробин ичиб бўлдингиз. Шу сингари барча халқлар ҳам Шу шаробдан тўхтамасдан ичарлар. Ҳеч қачон ер юзига келмаган каби, Ичиб–ичиб, йўқ бўлиб кетарлар.
17
Лекин Сион тоғида нажот топарлар Исроил халқининг омон қолганлари. Бу тоғ муқаддас бўлар. Ёқуб насли ҳайдаб чиқарар ёвларини, Унинг мулкини тортиб олганларни, Ва яна эгаллар ўз ерларини.
18
Ёқуб авлоди бўлур оловдай, Юсуфнинг авлоди бир алангадай. Эсовнинг авлоди эса Бўлиб қолар қуруқ поядай. Ёқуб ва Юсуфнинг авлодлари Эсовнинг авлодини ёндирар, Ёндириб, уларни йўқ қилар. Эсов авлодидан тирик қолмас ҳеч бири.” Зотан, бу сўзларни Эгамиз айтди.
19
Нагав чўлида яшайдиган Исроил халқи Эсов тоғини эгаллаб олади, Яҳудо қир этакларида яшайдиганлар эса Филистларнинг ерларига эгалик қилади. Исроил халқи Эфрайим ерларини ва Самария шаҳрини қўлга киритади, Бенямин авлоди эса Гиладга эгалик қилади.
20
Шимолий Исроилдан асирликка олиб кетилганлар қайтиб келади. Улар шимолдаги Зорафатгача бўлган шимолий Канъон ерларини оладилар. Қуддусдан Сафарадга асирликка олиб кетилганлар эса Нагав чўлидаги шаҳарларни қўлга киритадилар.
21
Ғолиблар Сион тоғига чиқадилар. Ўша ерда туриб, Эсов тоғи устидан ҳукмронлик қиладилар. Эгамизнинг Ўзи шоҳ бўлади.
Jump to:
Chapter 1
All chapters:
1