bible
ra
🌐 Language
English
Español
Français
Deutsch
Português
Italiano
Nederlands
Русский
中文
日本語
한국어
العربية
Türkçe
Tiếng Việt
ไทย
Indonesia
All Languages
Home
/
Uzbek
/
Uzbek 2016 (UZB) (Муқаддас Китоб)
/
Ephesians 4
Ephesians 4
Uzbek 2016 (UZB) (Муқаддас Китоб)
← Chapter 3
Jump to:
Chapter 1
Chapter 2
Chapter 3
Chapter 4
Chapter 5
Chapter 6
Chapter 5 →
1
Раббимиз Исо ҳақи маҳбус бўлган мен — Павлус сизлардан ўтиниб сўрайман: Худо сизларни Ўзига даъват қилганини ёддан чиқармай, шу даъватга муносиб тарзда яшанглар.
2
Доимо камтар ва мулойим бўлинглар, меҳр–муҳаббат билан бир–бирингизга сабр–тоқатли бўлинглар.
3
Ўзаро тинч–тотув яшаб, Муқаддас Руҳ ато қилган бирдамликни сақлашга жон куйдиринглар.
4
Ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз, қалбимиздаги МуқаддасРуҳ ҳам бирдир. Худди шунингдек, Худо бизни даъват қилиб, ҳаммамизга берган умид ҳам бирдир.
5
Раббимиз бир, имонимиз ҳам бирдир, бир мақсадда сувга чўмдирилганмиз.
6
Барчамизнинг Отамиз Худо бирдир. У ҳаммамиздан устун бўлиб, ҳаммамиз орқали Ўз иродасини бажо қилади. У ҳаммамизнинг орамиздадир.
7
Масиҳ Ўз иноятига кўра ҳар биримизга турли хил инъомлар берган.
8
Мана, Муқаддас Битикларда қуйидагича ёзилган: “Юксакларга чиқди У, Асирларни ортидан эргаштирди. Инсонларга ҳадялар берди.”
9
У юксакларга чиқди, деган сўзлар нимани билдиради? У олдин пастга — ер юзига тушгандан бошқа нимани билдириши мумкин?!
10
Пастга тушган Зот, коинотни ҳар жиҳатдан бутун қилай, деб, фалак тоқидан ҳам юқорироққа чиқди.
11
Масиҳ баъзиларни ҳаворий, баъзиларни эса пайғамбар, баъзиларни Хушхабар воизи, яна бошқаларни жамоатларнинг чўпонларию устозлари қилиб тайинлади,
12
токи улар Худонинг азиз халқини хизмат қилишга тайёрласинлар. Шунда Масиҳнинг танаси, яъни жамоат имонда маҳкам туради.
13
Бунинг натижасида ҳаммамиз имонда якдил, Худо Ўғлини таниб–биладиган, Масиҳнинг камолига эришган етук одамлар бўламиз.
14
Биз шамол эсган томонга эгиладиган новдадай бўлган гўдакларга ўхшамаймиз. Ҳар хил таълимотлар ва қув одамларнинг ҳийлаю айёрликларига лаққа тушавермаймиз.
15
Келинглар, меҳр–муҳаббат билан ҳақиқатни айтиб, жамоатнинг боши бўлган Масиҳга ўхшаб ҳар жиҳатдан етук инсонлар бўлайлик.
16
Унинг бошчилигида бутун бадан паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланади ва бирикади. Ҳар бир аъзо ўз вазифасини бажарар экан, бутун бадан ўсиб боради ва меҳр–муҳаббат туфайли бақувват бўлади.
17
Шундай экан, Раббимиз Исонинг номидан қатъий тайинлаб, сизларга айтаман: энди беҳуда ўй–хаёлларга берилган Худосиз одамлардай яшаманглар.
18
Уларнинг онглари зулматга ботиб қолган, Худо берадиган янги ҳаётга бегонадирлар, чунки улар бағритош бўлиб, жаҳолатда қолганлар.
19
Улар ҳар қандай ор–номус туйғусини йўқотиб, фисқу фужурга берилганлар, ҳар хил ифлос ишларни иштиёқ билан қиладилар.
20
Аммо сизлар Масиҳдан бундай ишларни ўрганмагансиз.
21
Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, Унинг таълимотини олгансизлар, чунки ҳақиқат Масиҳда жамдир.
22
Oлдинги яшаш тарзингизга тобе бўлманг, эски ўзлигингиздан воз кечинг, чунки у алдовчи эҳтирослар туфайли бузилиб кетган.
23
Янгичасига фикр–зикр қиладиган бўлинглар.
24
Худонинг суратида яратилган, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддасликдан иборат бўлган янги табиатга бурканинглар.
25
Энди ёлғончиликни бас қилиб, ҳар бирингиз ўз яқинингизга ҳақиқатни айтинглар, ахир ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз–ку.
26
Ҳатто ғазабланганингизда ҳам гуноҳ қилманг. Қуёш ботгунча жаҳлдан тушинглар.
27
Иблисга фурсат берманглар.
28
Олдин ўғри бўлган энди ўғрилик қилмасин, балки ишласин, ўз қўллари билан меҳнат қилсин–да, топганини муҳтож бўлганлар билан баҳам кўрсин.
29
Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин тингловчиларнинг эҳтиёжига кўра керакли гапларни айтиб, уларга далда беринг, шунда сўзларингиз уларга фойда келтиради.
30
Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар, чунки Муқаддас Руҳ сизларнинг Худога тегишли эканингизнинг ҳамда бир кун келиб озод бўлишингизнинг далилидир.
31
Ҳар қандай гина–кудурат, қаҳру ғазаб, жанжалкашлик, ғийбатчиликни ҳамда бошқа ҳар хил ёмонликларни ўзингиздан соқит қилинглар.
32
Бир–бирингизга нисбатан кўнгилчан ва меҳр–шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ орқали кечирганидай, сизлар ҳам бир–бирингизни кечиринглар.
← Chapter 3
Jump to:
Chapter 1
Chapter 2
Chapter 3
Chapter 4
Chapter 5
Chapter 6
Chapter 5 →
All chapters:
1
2
3
4
5
6