bible
ra
🌐 Language
English
Español
Français
Deutsch
Português
Italiano
Nederlands
Русский
中文
日本語
한국어
العربية
Türkçe
Tiếng Việt
ไทย
Indonesia
All Languages
Home
/
Uzbek
/
Uzbek 2016 (UZB) (Муқаддас Китоб)
/
1 Kings 3
1 Kings 3
Uzbek 2016 (UZB) (Муқаддас Китоб)
← Chapter 2
Jump to:
Chapter 1
Chapter 2
Chapter 3
Chapter 4
Chapter 5
Chapter 6
Chapter 7
Chapter 8
Chapter 9
Chapter 10
Chapter 11
Chapter 12
Chapter 13
Chapter 14
Chapter 15
Chapter 16
Chapter 17
Chapter 18
Chapter 19
Chapter 20
Chapter 21
Chapter 22
Chapter 4 →
1
Сулаймон Миср шоҳи — Фиръавннинг қизларидан бирига уйланиб, Фиръавн билан алоқасини мустаҳкамлади, хотинини эса Қуддусдаги Довуд қалъасига олиб келди. У ўз саройини, Эгамизнинг уйини ва Қуддус атрофидаги деворни битиргунга қадар, хотини ўша ерда яшади.
2
Халқ ҳали ҳам турли жойлардаги саждагоҳларда қурбонлик қилиб юрарди, чунки ўша кунларгача Эгамизга атаб бир уй қурилмаган эди.
3
Сулаймон Эгамизни севарди, шунинг учун отаси Довуднинг кўрсатмалари бўйича юрарди. Лекин у ҳам саждагоҳларда қурбонлик қилар ва тутатқи тутатарди.
4
Шоҳ қурбонлик қилиш учун Гивонга кетди. Чунки энг асосий саждагоҳ ўша ерда эди. Сулаймон илгари ҳам ўша қурбонгоҳда минглаб куйдириладиган қурбонликлар келтирган эди.
5
Сулаймон Гивонда кечаси туш кўрди. Тушида Эгамиз зоҳир бўлди. Худо унга: — Тила тилагингни! — деди.
6
Сулаймон айтди: — Эй, Худойим! Отам Довуд Сенинг қулинг эди. Отам Сенга содиқ бўлиб, солиҳлик билан, тўғри кўнгил билан юргани учун, унга улуғ севгингни кўрсатдинг. Отамга марҳамат қилиб, бугун унинг тахтига ўтирмоғи учун унга бир ўғил ато этдинг.
7
Энди эй, Эгам Худо, бу қулингни отам Довуд ўрнига шоҳ қилдинг. Мен эса бир ёш боладайман, кўп нарсага ақлим етмайди, нима қилишимни ҳам билмайман.
8
Энди мен, қулинг, Ўзинг сайлаб олган халқни бошқаришим лозим. Кўплигидан бу халқни ҳисоблаб чиқишнинг имкони ҳам йўқ.
9
Энди халқингга шоҳлик қилишим учун менга ақл–идрок бергинки, яхшилик билан ёмонликнинг фарқига борайин. Бинобарин, Сенинг шу қадар беҳисоб халқингга ким ҳукмронлик қила олар?!
10
Сулаймон сўраган нарсалар Раббийга маъқул бўлди.
11
Сўнг Худо унга деди: — Сен ўзинг учун узоқ умр сўрамадинг, ўзинг учун бойлик истамадинг, душманларингнинг жонини сўрамадинг. Аксинча, тўғри ҳукм этмоқ учун ўзинг учун ақл–идрок сўрадинг.
12
Ўзингнинг сўраганингга кўра, сенга донишмандлик ва ақл–идрок ато қиламан. Сендан аввал ўзингга ўхшагани дунёга келмаган эди, бундан сўнг ҳам сенга ўхшагани дунёга келмас.
13
Яна ўзинг сўрамаган нарсаларни — бойлик ва обрўни ҳам бераман: умринг бўйи шоҳлар орасида сенга тенг келадигани бўлмас.
14
Сен ҳам фармонларимга, амрларимга риоя қилиб, отанг Довуд юргани сингари, Менинг йўлларимдан юрсанг, умрингни янада узайтираман.
15
Сулаймон уйғониб кетди, ҳаммаси туш эди. Шундан кейин у Қуддусга келди ва Эгамизнинг аҳд сандиғи олдида туриб, куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликлари қилди, ҳамма аъёнларига зиёфат берди.
16
Бир куни иккита фоҳиша хотин шоҳнинг ҳузурига келиб, унинг олдига киришди.
17
Хотинлардан бири гап бошлади: — Ҳазрати олийлари! Мен мана бу аёл билан бир уйда яшайман. У билан уйда қолганимда, менинг кўзим ёриди.
18
Менинг кўзим ёригандан сўнг учинчи куни бу аёл ҳам фарзанд кўрди. Хуллас, биз бирга эдик. Уйда фақат икковимиз, бошқа одам йўқ эди.
19
Манави хотин кечаси боласини босиб олган экан, боласи ўлиб қолибди.
20
Ярим кечаси туриб, бу чўрингиз ухлаб ётганда, ўғлимни бағримдан олиб, ўзининг ёнига қўйибди. Нобуд бўлган боласини эса менинг ёнимга ётқизиб қўйибди.
21
Боламни эмизиш учун саҳарда турсам, у жонсиз ётган экан. Фақат эрталаб унга қараб, менинг ўғлим эмаслигини билдим.
22
Иккинчи хотин эса: — Йўқ, тириги — менинг ўғлим, ўлган бола — сеники! — деди. Биринчиси эса: — Йўқ, ўлган бола — сеники, тириги — меники! — деди. Шундай қилиб, улар шоҳ ҳузурида можаро қилишди.
23
Ниҳоят, шоҳ деди: — Бирингиз: “Тириги — менинг ўғлим, нобуд бўлгани — сеники”, деяпсиз. Иккинчингиз эса: “Йўқ, нобуд бўлгани — сеники, тириги — меники”, деяпсиз.
24
Шундан кейин шоҳ: — Менга бир қилич олиб келинглар! — деб буюрди. Шоҳга қилич олиб келишди.
25
— Тирик болани иккига бўлинглар. Ярмини биттасига, ярмини эса иккинчисига беринглар! — деб фармон берди.
26
Шу заҳоти боласи тирик қолган аёл шоҳга деди: — Ҳазрати олийлари! Тирик қолган болани манави аёлга бераверинг! Уни ўлдирмасангиз бўлди! Бу аёлнинг фарзанди учун юраги ёнарди. Наригиси эса: — Менга ҳам бўлмасин, сенга ҳам, иккига бўлаверинглар! — деди.
27
Шу онда шоҳ: — Тўхтанглар, болани ўлдирманглар! — деди. — Болани раҳмдил аёлга беринглар, онаси ўшадир.
28
Шоҳ чиқарган бу ҳукмни бутун Исроил халқи эшитди. Шундан кейин шоҳдан ҳайиқадиган бўлдилар, чунки эътибор берсалар, адолатли ҳукм қилиш учун Худо унга донишмандлик ато қилган экан.
← Chapter 2
Jump to:
Chapter 1
Chapter 2
Chapter 3
Chapter 4
Chapter 5
Chapter 6
Chapter 7
Chapter 8
Chapter 9
Chapter 10
Chapter 11
Chapter 12
Chapter 13
Chapter 14
Chapter 15
Chapter 16
Chapter 17
Chapter 18
Chapter 19
Chapter 20
Chapter 21
Chapter 22
Chapter 4 →
All chapters:
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22